Мақсади

ТИББИЙ АСБОБЛАРДА ВИРУСЛАРНИ ИНАКТИВЛАШТИРИШ УЧУН ҚУРИЛМА

Юқори ҳарорат остида ва кучли қимёвий омиллар таъсирида зарарсизлантириш мумкин бўлмаган тиббий асбобларда вирусларни инактивлаштириш, пациентларнинг тиббий манипуляциялар пайтида асбоблар орқали В (HBV) гепатити вируси, С (HCV) гепатити вируси ва одам иммун танқислиги вируси (ОИВ)ни юқтиришининг олдини олиш ушбу Қурилмани яратишнинг мақсади ҳисобланади.

 

Тиббий асбоблардаги вирусларни инактивлаштириш учун Қурилма (қуйида – Қурилма) тиббий муассасаларда – давлат ва хусусий станционарларда, поликлиникалар ва турли профилли ва даражадаги кабинетларда фойдаланиш учун мўлжалланган.

Ушбу Қурилма Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси томонидан берилган, Тошкентда Ўзбекистон Республикаси фойдали моделлар давлат реестрида 03.04.2009 йилда № FAP 00464 рақами остида рўйхатдан ўтказилган Патент билан ҳимояланган.

 

КИРИШ

Маълумки, дунёда сурункали инфекция жараёни шаклланишининг юқори фоизига эга бўлган ва инсоният яшашига таҳдид солаётган вирусли касалликларнинг жадал тарқалиш тенденцияси ошиб бормоқда. Турли тадқиқотчиларнинг маълумотларига кўра, ўткир B вирусли гепатити (BВГ) якунида сурункали инфекцион жараённинг тез-тез шаклланиши 40-60% га етади, C вирусли гепатити (CВГ)да бу 80% га, ОИВ-инфекциясида (HIV) эса 100% га етади. HBV, HCV ва HIVга чалинган шахслар инфекция ва соғлом одамларни зарарлаш манбалари ҳисобланади. Бу инфекциялар беморларнинг ногиронга айланишига, касаллик якунида жигар циррози, гепатоцеллюляр карцинома, Капоши саркомаси, лимфогрануломатоза, чуқур иккиламчи иммун танқислиги ривожланишига олиб келади, бундай ҳолатларнинг юқори фоизи ўлим билан якунланади.

ОИВ-инфекцияси, сурункали B вирусли гепатити (СBВГ), сурункали C вирусли гепатити (СCВГ)ни даволаш муаммоси бугунги кунда қониқарли ечимга эга эмас. Кўпгина инфекциялардан фарқли ўлароқ, фақат зарарланган одамгина B вирусли гепатити (HBV), C вирусли гепатити (HCV) ва одам иммун танқислиги вируси (HIV)нинг манбаи ҳисобланади ва бу ҳолда инфекция манбаига қарши курашиш тўлиқ истисно қилинади. Вирусларни юқтириш парентерал йўл билан, кўп ҳолларда тиббий манипуляциялар пайтида юз беради. HBV-, HCV-  ва  HIV-инфекциялари тарқалишига қарши курашишнинг ягона йўли – бу уларнинг юқиш механизмлари ва йўлларини “кесишдир”.

Пациентларнинг тиббий муассасаларда HBV ва HCV билан, баъзида эса HIV билан зарарланиши жиддий муаммога айланмоқда, инфекцияга чалинганлар умумий сонининг 3-11% айнан уларнинг улушига тўғри келяпти.

Тери қопламалари ва шиллиқ қаватлар яхлитлигининг бузилиши билан боғлиқ тиббий ва нотиббий манипуляциялар HBV,  HCV ва HIV инфекцияларини юқтиришнинг юқори даражадаги хавфини туғдиради. Бу такрор қўлланадиган асбоблар тегишли тарзда зарарсизлантирилмаганида юз беради. Зарарланиш умумий асбобларда қолган инфекцияли қондаги вирус зарраларининг қолдиқлари орқали ҳам юз бериши мумкин.

 

Одамларнинг айниқса HBV ва HCV вирусларини юқтириши бўйича жиддий юқори фоизи (инфекцияга чалинганлар умумий сонининг 3-11%) вируслар билан зарарланган тиббий асбоблар (жарроҳлик, стоматологик, офтальмологик, ларингологик, гинекологик ва бошқа асбоблар) такрор қўлланганида қайд этилади.

Тиббий асбобларни юқори ҳарорат остида стериллаш уларни зарарсизлантиришнинг ишончли усули ҳисобланади. Бироқ, асбобларнинг сезиларли қисмини юқори ҳарорат остида стериллаш мумкин эмас. Бундай асбоблар юқори ҳароратда ўзининг қаттиқлик, таранглик, тиниқлик каби асосий хусусиятларини йўқотади.

Механик усуллар ёрдамида тиббий асбоблар юзасидаги вирусли зарраларни тўлиқ йўқ қилиб бўлмайди. Бунинг натижасида асбобларда репликацияга (организмда кўпайишга) ва одамларни зарарлашга қодир бўлган вирусли зарралар сақланиб қолади. Одам зарарланиши ва унда касаллик ривожланиши учун қонга HBV ёки HCV вирусининг ҳатто бир дона зарраси тушиши ҳам кифоя. Бу пациентларнинг тиббий манипуляциялар пайтида вирусли инфекцияларни юқтириш хавфини жуда оширади. Ҳар бир пациент учун алоҳида бир марталик тиббий асбобларни оммавий тарзда қўллаш бу муаммони ҳал этиши мумкин, бироқ бунинг учун қатор иқтисодий ва молиявий муаммоларни ҳал этиш зарур.

Турли стериллаш усулларининг афзалликлари ва камчиликлари.

 

Усул Афзалликлари Камчиликлари
Буғда стериллаш Стационарларда кенг тарқалган стериллаш усули.

Атроф-муҳит ва тиббий ходимлар учун хавфсиз.

Қисқа экспозиция.

Токсик эмас. Қиймати паст.

Аэрацияни талаб қилмайди.

Стериллаш сифати ҳаво тушганида, материал намлиги паст бўлганида ва буғнинг сифати ёмон бўлганида бузилиши мумкин.

Юқори ҳароратга ва намликка таъсирчан буюмлар шикастланиши мумкин.

Ҳавода стериллаш Паст коррозия хусусиятлари.

Материалга чуқур кириш.

Атроф-муҳит учун хавфсиз.

Аэрацияни талаб қилмайди.

Узоқ давом этадиган экспозиция.

Ҳарорат режимлари ва стериллаш вақти турли мамлакатларда фарқ қилади.

Термолабил буюмлар шикастланиши мумкин.

Этилен оксиди ёрдамида 100% стериллаш Ўраладиган ва пластик пакетларга кира олади. Тиббий асбобларнинг кўпчилигини стериллаш учун фойдаланишда урф бўлган. У билан ишлаш ва назорат қилиш осон. Аэрация учун талаб қилинади. Стериллаш камерасининг кичик ўлчами.

Этилен оксиди токсик бўлиб, яққол ифодаланган канцероген ҳисобланади, енгил алангаланади.

Этилен оксиди солинган ўрамни ёнғин хавфи мавжуд бўлмаган хонада сақлаш зарур.

Водород пероксидининг буғлари ёрдамида стериллаш Паст ҳароратли режим.

Аэрацияни талаб қилмайди.

Атроф-муҳит ва тиббий ходимлар учун хавфсиз.

Якуний маҳсулотлар токсик эмас.

У билан ишлаш ва назорат қилиш осон.

 

Қозоғ буюмлар, чойшаблар ва эритмаларни стериллаш мумкин эмас. Стериллаш камерасининг ўлчами кичкина.

 

Узун ва тор ички каналларга эга буюмларни стериллаб бўлмайди.

Синтетик ўрами бузилади.

Формальдегид буғлари ёрдамида стериллаш Ёнғин ва портлаш хавфи йўқ.

Тиббий асбобларнинг кўпчилигини стериллаш учун қўллаш мумкин.

Юзаларни формальдегиддан ювиш зарурати.

Токсик ва аллерген хусусиятларга эга.

Узоқ давом этадиган экспозиция.

Стериллашдан кейин формальдегидни йўқ қилиш бўйича узоқ давом этадиган процедура.

 

 

Буни ҳисобга олган ҳолда, «NEW MEDICAL TECHNOLOGIES» МЧЖнинг мутахассислар гуруҳи тиббий асбоблардаги вирусли зарраларни нисбатан паст ҳароратларда ва кучли таъсир қилувчи дезинфекцияловчи эритмалар (кислоталар)ни қўлламасдан туриб, ишончли инактивлаштириш (патоген хусусиятлар ва репликация қобилиятидан маҳрум қилиш) усулини ишлаб чиқишни ва ушбу тамойил бўйича ишлайдиган қурилмани яратишни бошлади.

Вирусларни “Тиббий асбоблардаги вирусларни инактивлаштириш учун қурилма”да инактивлаштириш қатор афзалликларга эга: таркибида ДНК ва РНК бўлган вирусларнинг барча турларини ишончли тарзда зарарсизлантириш; инактивлаштиришнинг паст ҳароратли режими; исталган материалдан тайёрланган тиббий асбоблардаги вирусларни инактивлаштириш учун қўллаш мумкин; ходимлар ва атроф-муҳит учун мутлақо хавфсиз;  токсик ва аллерген эмас; тиббий асбоблар ўз хусусиятларини (қаттиқлик, таранглик, тиниқлик ва ҳ.к.) йўқотмайди.

 

  1. Тиббий асбоблардаги вирусларни инактивлаштириш учун қурилмани яратишда қўлланган тамойил.

Қурилмани яратишда қўлланган тамойил суюқлик фотоактивациясига (фотодинамик усул) асосланган янги музлатилган қон плазмасидаги вирусларни инактивлаштириш учун жаҳон амалиётида синовдан ўтказилган. «NEW MEDICAL TECHNOLOGIES» МЧЖ томонидан яратилган “Тиббий асбобларда вирусларни инактивлаштириш учун қурилма” фойдали модель ҳисобланади ва унинг бевосита аналоглари мавжуд эмас.

Қурилмада тиббий асбоблардаги вирусларни инактивлаштириш ишлари хона ҳароратида фотоактивлаштириладиган суюқликда – метилен кўк эритмасида (Methylene Blue) амалга оширилади.

Метилен кўк эритмаси тўлқин узунлиги метилен кўкнинг ютиш спектри тўлқин узунлигига тўғри келадиган монохроматик ёруғлик оқими таъсирига дучор қилинади. Қурилмада монохроматик ёруғлик оқими монохроматик нурлатгич ёрдамида ҳосил қилинади. Монохроматик ёруғлик оқими таъсири остида метилен кўк молекулаларининг фотоактивацияси юз беради. Метилен кўкнинг фотоактивлаштирилган молекулалари гуанин ва цитозин, яъни нуклеин кислоталари жуфтлиги билан мустаҳкам алоқага киришади ва уларни вируслар РНК ёки ДНКси занжирида блокировка қилади. Бундай инактивлашган РНК ва ДНКга эга вируслар ҳатто одам қонига тушганида ҳам ҳужайраларни зарарлашга ва ҳужайралар ичида кўпайишга қодир бўлмайди. Яъни улар вирулент ва патоген хусусиятларини (юқиш ва касалликни келтириб чиқариш хусусиятларини) тўлиқ йўқотади.

Бундан ташқари, метилен кўкнинг фотоактивлаштирилган молекулалари вируслар РНК ва ДНКсидаги нуклеин кислоталарининг денатурация жараёнини кучайтирувчи атомар кислороднинг фаол шакллари ҳосил бўлишига кўмаклашади.

III. Тиббий асбоблардаги вирусларни инактивлаштириш учун қурилмада вирусларни инактивлаштириш самарадорлиги қуйидагиларда исботланган:

  • полиомиелитнинг вакцинали штаммлари вирусларини инактивлаштириш (цитопатоген хусусиятларни йўқ қилиш) билан (ЎзР ССВ Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази);
  • S.typhi бактериофагларини инактивлаштириш (S.typhi’нинг фагирлаш қобилиятини йўқ қилиш) билан (ЎзР ССВ Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази);
  • грипп вирусларини инактивлаштириш (цитопатоген хусусиятларни йўқ қилиш) билан (ЎзР ССВ Вирусология ИТИ ҳузуридаги Миллий грипп маркази);
  • Қрим-Конго геморрагик иситмаси вирусларини инактивлаштириш (цитопатогенликни йўқ қилиш) билан (ЎзР ССВ Вирусология ИТИнинг ўта хавфли вирусли инфекциялар лабораторияси);
  • Одам иммун танқислиги вирусини (ОИВ) инактивлаштириш (лимфотропликни йўқ қилиш) билан (ЎзР ССВ Вирусология ИТИнинг референс-лабораторияси);
  • C гепатити вирусини инактивлаштириш (лимфотропликни йўқ қилиш) билан (ЎзР ССВ Вирусология ИТИнинг референс-лабораторияси);
  • B гепатити вирусини инактивлаштириш (лимфотропликни йўқ қилиш) билан (ЎзР ССВ Вирусология ИТИнинг референс-лабораторияси).
  1. «Тиббий асбоблардаги вирусларни инактивлаштириш учун қурилма»дан фойдаланиш

Тиббий асбоблар пациентларда қўлланганидан кейин дастлабки механик тозаланади ва ювиш воситалари билан сувда ювилади. Шундан сўнг асбоблар яхшилаб водопровод сувида чайилади, кейин метилен кўк эритмаси солинган қурилма кюветасига солинади. Асбоблар кювета тубига жойлаштирилади, улар метилен кўк эритмаси билан тўлиқ қопланиши керак. Кейин асбоблар солинган кювета қурилма камерасига ўрнатилади. Қурилма эшикчаси зия ёпилади, таймер йўриқномада кўрсатилган экспозиция вақтига – 90 дақиқага қўйилади. Таймер ёқилганида камерада кювета устига ўрнатилган монохроматик ёруғлик нурлатгичи ёқилади. Энди метилен кўк фотоактивацияси ва тиббий асбоблар юзасидаги вируслар инактивацияси жараёни кетмоқда.

Таймер ўчирилганидан кейин қурилма шкафининг эшикчаси очилади, асбоблар солинган кювета чиқариб олинади. Асбоблар метилен кўк эритмасидан пинцет ёрдамида олинади ва дистилланган сувда яхшилаб чайилади.

Фотоактивлаштириладиган суюқлик.

Қурилма тўпламига таркибида 1,0g қуруқ метилен кўк кукуни бўлган пакетчалар илова қилинади. 1 дона пакетча таркиби 10 литр дистилланган сувда эритилади, 0,01% ли метилен кўк эритмаси – фотоактивлаштириладиган суюқлик ҳосил бўлади.Фотоактивлаштирилган суюқлик тоза идишда 10 кун сақланиши мумкин. Метилен кўкнинг 0,01%-ли эритмасининг порцияси 1 кун ичида уч марта фойдаланиш учун яроқли. Визуал тарзда шаффофлик йўқолганида (лойқаланишда) ёки юзада қатлам ҳосил бўлганида метилен кўк эритмаси вирусларни инактивлаштириш учун яроқсиз ҳисобланади. Бу ҳолда эритма янгидан тайёрланади.

Фотоактивлаштириладиган суюқлик кўк рангда ва шаффоф бўлиб, ҳидсиз ва токсик эмас. Метилен кўк эритмаси ходимлар ва атрофдагилар учун мутлақо хавфсиз – тери ва шиллиқ қаватларга тушганида шикастланишларни келтириб чиқармайди. Ишлатиб бўлинган метилен кўк эритмаси канализация тармоғига тўкиб ташланади.

Метилен кўк ноорганик бирикмалар билан реакцияга киришмайди, шу боис тиббий асбоблар ясалган материалга таъсир қилмайди.

  1. «NEW MEDICAL TECHNOLOGIES» МЧЖда яратилган “Тиббий асбоблардаги вирусларни инактивлаштириш учун қурилма”нинг афзалликлари.
  1. Қурилмада тиббий асбоблардаги вирусларни инактивлаштириш жараёни хона ҳароратида амалга оширилади.
  2. Қурилмада қўлланадиган фотоактивлаштириладиган суюқлик ходимлар учун мутлақо хавфсиз, тиббий асбоблар тайёрланган материалга шикастлантирувчи таъсир кўрсатмайди.
  3. Қурилмада вирусларни инактивлаштириш жараёнида тиббий асбобларнинг қимматли хусуистялари (қаттиқлик, таранглик, тиниқлик ва ҳ.к.) йўқолмайди ва уларнинг тўлақонли функционаллиги сақланиб қолади.
  4. Қурилмадан фойдаланиш осон ва самарали.
  5. Қурилмада тиббий асбоблар юзасидаги вирусларни инактивлаштириш ишончли тарзда амалга оширилади.

Қурилма ташкилот стандартига эга бўлиб, ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш қўмитасида рўйхатдан ўтказилган,  республиканинг етакчи мутахассислари томонидан қўллашга тавсия этилган.

“Тиббий асбоблардаги вирусларни инактивлаштириш учун қурилма”ни амалиётга татбиқ этиш тиббий манипуляциялар пайтида одамларнинг HBV, HCV ва  HIV вирусларини юқтириш хавфини сезиларли даражада камайтиради.